Тошкентда ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги глобал хатар ва таҳдидларга бағишланган конференция бўлиб ўтди

O‘zbekiston

Ўзбекистон Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида «Ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти соҳасидаги глобал хатар ва таҳдидлар» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.

21-22 ноябрь кунлари Тошкентда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ташкил этилганининг икки йиллиги муносабати билан «Ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги глобал хатарлар ва таҳдидлар: замонавий стратегия ва ечимлар» мавзусида халқаро конференция бошланди.

Конференциянинг мақсади — таълим жараёнидаги инновацион ёндашувларни муҳокама қилиш ва таҳлил этиш учун платформа яратиш, замонавий таҳдидларни ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва тергов фаолияти соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича тажриба алмашиш, тергов фаолияти самарадорлигини ошириш учун қонунчилик базасини такомиллаштириш ва амалий ёндашувлар бўйича тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

Конференция доирасида ялпи ва мавзули параллель сессиялар ташкил этилиб, уларда коррупцияга қарши курашиш, терроризмни молиялаштириш ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш фаолиятини ташкил этиш, тергов фаолиятида рақамли криминалистиканинг ўрни, ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида фан ва таълим, одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни тергов қилиш устидан прокурор назорати самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Аралаш шаклда ташкил этилган анжуманда фан ва таълим соҳасидаги 150 дан ортиқ хорижий ва миллий экспертлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги етакчи олимлар ва амалиётчилар, тадқиқотчилар иштирок этди.

Халқаро конференцияни Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари С.Б.Артикова, Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази директори, академик А.Х.Саидов, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари О.Х.Исмоилов, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси С.Маҳл, Элчи, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офиси раҳбари А.Картунен, АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ж.Хеник, «Минтақавий мулоқот» нодавлат нотижорат ташкилоти ижрочи директори К.Герцҳак, БМТнинг Афғонистон, Марказий Осиё, Эрон ва Покистондаги минтақавий вакили, дастур халқаро мувофиқлаштирувчиси Ю.Қурбонов кириш сўзи билан очдилар. Улар ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини самарали ташкил этишда фан ва таълимнинг аҳамиятини, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни, шунингдек, трансмиллий жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва бошқа муҳим йўналишларда биргаликда амалга оширилаётган турли лойиҳаларни таъкидлаб ўтди.

Ялпи сессия доирасида маърузалар билан Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси бошлиғининг биринчи ўринбосари Е.В.Коленко, Беларус Республикаси Тергов қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари О.С.Шандарович, Туркия Адлия академияси президенти М.Уздемир, Қозоғистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари академияси ректори М.И.Сексембаев, ИИВ Академияси бошлиғи Р.А.Хатамов, ТДЮ ректори в.б. И.Р.Рустамбеков, Озарбайжон Республикаси Бош прокуратурасининг Стратегик режалаштириш ва хавфларни аниқлаш бўлими бошлиғи А.Ожагвердиев, шунингдек Тожикистон Республикаси прокуратура органлари ходимларининг ҳуқуқ-тартибот, қонунийлик, жиноятчиликни ўрганиш ва малакасини ошириш институти директори Ш.Х.Қурбонзода сўзга чиқди.

Шу билан бирга, конференция доирасида қуйидаги мавзули сессиялар ўтказилди: «Коррупцияга қарши курашиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш: замонавий таҳдидлар ва тенденциялар», «Тергов фаолиятини ташкил этишга янгича ёндашувлар: рақамли криминалистиканинг ўрни», «Ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятида илм-фан, таълим ва сунъий интеллектни қўллашнинг долзарб масалалари», «Одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни тергов қилиш устидан прокурор назорати самарадорлигини ошириш масалалари». Ушбу сессияларда халқаро ва миллий экспертлар ҳамда амалиётчилар кун тартибидаги масалалар бўйича фикр ва тажриба алмашди.

Сессиялар якунида коррупцияга қарши курашиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш фаолиятини ташкил этиш, тергов фаолиятида янги ёндашувларни жорий этиш, рақамли криминалистикани, ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида фан ва таълимни ривожлантириш ҳамда бошқа долзарб масалалар бўйича конференциянинг амалий тавсиялари қабул қилинди.

Тадбир якунида халқаро конференция материаллари тўпламини нашр этиш режалаштирилган.

Mavzuga oid materiallar