Шаҳарда иссиқ сув ва иситиш тизими қисман ўчирилди, деди Қирғизистон энергетика вазири ўринбосари Насипбек Керимов брифингда. Керимовнинг сўзларига кўра, муаммоларга қарамай, иссиқлик электр станцияси электр энергияси билан таъминлашда давом этади ва ҳозирда ҳодиса сабабларини аниқлаш учун комиссия тузилган.
Айни пайтда тизим ресиркуляция режимида ишламоқда, яъни қувурлар орқали сув оқади, лекин унинг ҳарорати одатдагидан паст бўлиб, корхона фаолиятини зудлик билан тиклаш учун барча зарур чораларни кўрмоқдамиз. 2-3 кун ичида биз ИЭСнинг нормал ишлашини тўлиқ тиклашни режалаштиряпмиз, — деди Керимов.
Аҳолининг ресурслар билан боғлиқ муаммоси икки-уч кун ичида ҳал қилиниши режалаштирилган, деди Энергетика вазирлиги, бироқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбари Бообек Ажикеэвнинг айтишича, бунинг учун камида 5-7 кун керак бўлади.
Маълумот ўрнида, ҳодиса вақтида беш киши жароҳат олган. Икки нафари қониқарли ҳолатда амбулатор даволанишга юборилди. Яна икки нафари турли даражадаги куйиш жароҳатлари билан реанимацияда, аҳволи ўта оғир деб баҳоланмоқда. Бири куйиш бўлимида, аҳволи ўртача.
Бироқ мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, шифохоналарда иссиқлик таъминотида муаммо йўқ.
Қайд этилишича, Бишкек аҳолиси иссиқлик ва иссиқ сув таъминотидаги чекловлар туфайли тўловлари қайта ҳисоблаб чиқилади.
Бишкек иссиқлик электр станцияси ҳудудида фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Воқеа жойида штаб тузилиб, унинг таркибига тегишли давлат органлари ходимлари киритилган. Воқеа жойида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари ҳам ишламоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда Бишкек ИЭСда йирик авария юз берган эди. Кейин 2 февраль куни ИЭС директори Омурқул уулу Нурлан ишдан бўшатилган.
Бишкек иссиқлик электр станцияси шаҳардаги болалар боғчалари, мактаблар, шифохоналар, корхоналар ва кўп қаватли уйларни иссиқлик ва электр энергияси билан таъминлайдиган ягона марказлаштирилган манба ҳисобланади.