Таъкидланганидек, тадбир Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Туризм масалалари қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Нуфузли тадбирда ЭҲТ котибияти раҳбарияти, ташкилотга аъзо мамлакатларнинг туризм бўлимлари раҳбарлари ва мутахассислари, фахрий меҳмонлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этади.
Форум доирасида ташкилотга аъзо мамлакатларнинг туризм соҳаси мутасаддилари иштирокида икки томонлама ва кўп томонлама учрашувлар ўтказилади.
Унда соҳани ривожлантириш бўйича тажриба алмашиш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш йўлларини муҳокама қилиш, туризм инфратузилмасини такомиллаштириш, экотуризм, этнотуризм ва бошқа йўналишлар, имкониятлардан фойдаланиш, туризм тадбиркорлигини ривожлантириш, жумладан, ёшлар фаоллигини ошириш масалалари кўриб чиқилиши кутилмоқда.
Ушбу тадбир доирасида ЭҲТга аъзо давлатлар фольклор жамоалари иштирокида «Халқаро фольклор» фестивали, ёш дизайнерлар ўртасида «Modern fashion show» танлови, таниқли ошпазлар иштирокида «Шаҳрисабз пазандалик дуэли» ўтказилади. «Халқаро этноспорт ўйинлари» фестивали, шунингдек, етакчи хорижий ва маҳаллий рассомлар иштирокидаги «пленер» якунларига бағишланган кўргазма ташкил этилди.
Мазкур тадбирнинг Ўзбекистонда ўтказилиши жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини тортиш ва мамлакатнинг сайёҳлик имкониятларини кенг тарғиб этишда муҳим аҳамиятга эга.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, Шаҳрисабз шаҳрининг бой тарихи ва маданий мероси инобатга олинган ҳолда 2022 йил 13 декабрь куни бўлиб ўтган ЭҲТга аъзо давлатлар туризм вазирларининг IV йиғилишида Шаҳрисабз шаҳрига Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 2024 йилги туризм пойтахти мақоми берилгани маълум қилинди.