24 май куни Женевада Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳининг саккизинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Делегацияга Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев бошчилик қилди.
«Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича ўз мажбуриятларида собит қолмоқда ва биз мазмунли тараққиётга эришиш учун барча имкониятларни ишга соламиз», — деди Хўжаев 2026 йилда Камерунда бўлиб ўтадиган 14-Вазирлар конференциясида ЖСТга аъзо бўлиш масаласига ишора қилиб.
ЖСТ вакилининг сўзларига кўра, Ўзбекистон 2026 йилгача ташкилотга аъзо бўлиш жараёнини якунлашни режалаштирмоқда.
Ташкилотдаги Ўзбекистон ишчи гуруҳининг саккизинчи йиғилишида унинг аъзолари Ўзбекистоннинг ташкилотга кириши муносабати билан зарур ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. Бироқ бу соҳада қўшимча чоралар кўриш керак.
Бош вазир ўринбосари ўз баёнотида делегатларни қўшилиш жараёнига «инвестиция киритиш ва қўллаб-қувватлаш»га чақириб, уларнинг «ҳамкорлиги, тажриба ва ёрдами» қўшилиш бўйича музокараларнинг муваффақиятли якунланишини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаган.
Ўзбекистоннинг аъзо бўлиш жараёни 2020 йил июль ойида бўлиб ўтган ишчи гуруҳнинг тўртинчи йиғилиши билан расман қайта тикланган, шундан сўнг 2022 йил июнь, 2023 йил март ва 2023 йил ноябрь ойларида яна учта учрашув бўлиб ўтган.
Қайд этилишича, Ўзбекистон, шунингдек, Доминикан Республикаси, Исроил, Япония ва Уругвай билан тўртта икки томонлама шартнома имзолагани, ишчи гуруҳнинг еттинчи йиғилишидан буён 33 нафар аъзо билан икки томонлама музокаралар олиб борилгани қайд этиб ўтилди.
Ишчи гуруҳ ҳисоботи лойиҳасининг элементлари ва бошқа қўллаб-қувватловчи ҳужжатлар асосида Ўзбекистон ташқи савдо режимининг турли жиҳатлари муҳокама қилинди ва Ўзбекистон қўшимча мажбуриятларни олишга чақирилди. Аъзолар Ўзбекистоннинг кўп томонлама савдо тизимига қўшилиши ва уларнинг ташқи савдо сиёсати учун аҳамиятини таъкидлади. Йиғилишда Халқаро валюта жамғармаси, Халқаро савдо маркази ва Жаҳон банки вакиллари ҳам иштирок этди.
Келгусида Ўзбекистон ва аъзо давлатлар шу пайтгача эришилган ютуқларни мустаҳкамлаш ҳамда бозорга чиқиш бўйича шартномалар тузишга даъват этилди. Аъзолардан 2024 йил 21 июнга қадар мажбуриятлар лойиҳалари бўйича саволлар, мулоҳазалар ва таклифларни тақдим этишлари сўралди. Жавоблар билан бир қаторда, Ўзбекистон ҳам тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши керак.
Ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилишининг аниқ санаси барча керакли музокаралар маълумотлари тақдим этилгандан сўнггина эълон қилинади.