Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти адлия бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Нуриевнинг давлат пуллари борасидаги фикрлари тарқалди.
Матбуот анжумани чоғида журналистлардан бири авлат хизматчиларини ижтимоий тармоқларда танқид қилиш тақиқланадиган бўлса, давлат бюджетидан ойлик олмаслиги кераклигини, чунки улар халқ тўлаган солиқлардан ойлик олаётганини айтган. Салоҳиддин Нуриев бу фикрга қўшилмай, ўз нуқтаи назарини билдирди.
«Солиқни ҳамма тўлайди, битта сиз эмас. Шу жумладан, ойлик олаётган одамнинг ўзига ҳам тўлаган солиғининг маълум бир қисми айланиб келади. Халқнинг мулки, халқнинг пули деган нарса бу давлат бюджетига ўтдими, давлатнинг пулига айланади ўз-ўзидан. У қанақа йўл билан шаклланиши иккинчи масала», — дейди Салоҳиддин Нуриев.
Адлия вазирлиги хабарига кўра, ҳозирда ушбу ҳолат ўрганилмоқда, унинг натижаларига кўра баҳо берилади.
«Давлат органлари ўз фаолиятида халқ олдида ҳисобдор экани Конституцияда белгилаб қўйилган, шу жумладан, Адлия вазирлиги фаолияти жамоатчилик олдида қатъий ҳисобдорлик принципи асосида ташкил этилган», — дейилади хабарда.
Хусусан, Ўзбекистон Конституциясига кўра, халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир. Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдир.
«Барча фуқаролар, фуқаролик жамияти институтлари белгиланган тартибда, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетининг шакллантирилиши ҳамда ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириши мумкин», — дейилади Адлия вазирлиги хабарида.