«Андижон» клубининг украиналик футболчиси Миллий гвардия ходимини калтаклагани учун қамоққа олиниши мумкин

Ўзбекистон

Миллий гвардия ходими ва «Андижон» клуби ҳимоячиси ўртасида можаро келиб чиқди. Футболчи ҳеч қандай рухсатномага эга бўлмай, футбол майдонига чиқишга уринган, бироқ Миллий гвардия ходими футболчини ташқарига йўналтирган. Шундан сўнг футболчи ҳуқуқ-тартибот органи ходимининг юзига урган. Ҳолат юзасидан жиноий иш очилган.

Ижтимоий тармоқларда Миллий гвардия ходимлари ва «Андижон» клуби футболчиси ўртасида можаро содир бўлган видео тарқалди.

Воқеа 11 август куни «Бунёдкор» ва «Андижон» жамоалари ўртасидаги ўйин бўлиб ўтаётган Чилонзор туманидаги «Миллий» стадионида юз берди, деб хабар бермоқда Миллий гвардия матбуот хизмати.

Учрашувни VIP зонада «Андижон» клуби ҳимоячиси Марлен Чобанов кузатиб борган. Учрашув якунлангач, Чобанов VIP зона орқали стадионга кирмоқчи бўлган, бироқ футболчида кўкрак нишони бўлмагани учун Миллий гвардия ходими футболчига чиқиш бошқа тарафда эканини айтган. Футболчи ҳуқуқ-тартибот органи ходимининг талабига эътибор бермай, унга қаршилик кўрсатиб, юзига урган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми (Ҳокимият вакилига ёки фуқаролик бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид материаллар