Олий Мажлис Сенати оилавий (маиший) зўравонликдан ҳимоя қилиш чораларини кучайтиришга қаратилган қонунни маъқуллади. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Ялпи мажлисда қайд этилганидек, дунёда ҳар учинчи аёл турмуш ўртоғи томонидан жисмоний тазйиққа учрайди. 38% ҳолларда тазйиқ ва зўравонлик натижасида ўлим турмуш ўртоғи ёки у билан бирга яшайдиган шахснинг айби билан содир бўлади.
2023 йилдан жорий йилнинг май ойигача бўлган даврда содир этилган оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ 894 та жиноятнинг 55,6 фоизи, яъни 506 таси тарафларнинг ярашуви муносабати билан тўхтатилди. Қолган 44,4 фоиз, яъни 388 та жиноят бўйича судлар томонидан тегишли ҳукмлар чиқарилган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-2-моддаси (оилавий (маиший) зўравонлик) ва Жиноят кодексининг 126-1-моддаси (оилавий (маиший) зўравонлик) болага нисбатан маиший зўравонлик содир этганлик учун жавобгарликни белгиловчи норма билан тўлдирилмоқда.
Шунингдек, маиший зўравонлик билан боғлиқ ишлар бўйича ярашув тўғрисидаги аризани суриштирув ва дастлабки тергов босқичида эмас, балки суд муҳокамаси босқичида бериш тартиби жорий этилмоқда.