Ўзбекистон Марказий банки «Мароканд» компаниясига тегишли «UPay» тўлов тизими фаолиятини олти ойга чеклади. Сабаби, хизмат қонун билан тақиқланган қимор ўйинлари учун тўловни қабул қилган.
Марказий банк матбуот хизматининг тушунтиришича, аввалроқ барча тўлов ташкилотларига қимор ўйинлари учун тўловлар қабул қилинишига йўл қўймаслик бўйича зарур чоралар кўриш топширилган эди. Бироқ, UPay бундай тўловларни қабул қилишда давом этди.
Олти ой давомида ташкилот тўловларни электрон шаклда қайта ишлаш, банкка тўлов воситаларидан фойдаланган ҳолда жисмоний шахсларга пул маблағларини ўтказиш учун зарур маълумотларни тақдим этиш, шунингдек, банк ҳисобварағидан фойдаланган ҳолда тўловларни қабул қилиш ва амалга ошириш бўйича хизматлар кўрсата олмайди.
«Мароканд» АЖ таъсисчиси Humans Companies , ўз навбатида, Марказий банкни «қонунни бузганликда, бозорни адолатли тартибга солиш тамойилларига зид бўлганликда ва бизнес юритишга тўсқинлик қилаётганликда» айблайди. Компания қонунбузарликларни бартараф этиш бўйича дастлабки буйруқ олмаганини ва бу ҳақда фақат ОАВдан билиб олганини даъво қилмоқда.
Компания Марказий банкка «адолатни тиклаш ва гуруҳнинг лицензияланган компанияларига хизматларнинг тўлиқ функциясини қайтариш» талабини юборди.