Хитой корпорацияси Ўзбекистон пойтахтига $1 млрд сармоя киритади

O‘zbekiston

Тошкент шаҳар ҳокимлигида China State Construction Engineering Corporation — (ХХР) корпорациясининг бўлинма бош директори Лю Дун бошчилигидаги делегацияси билан расмий учрашув бўлиб ўтди.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Учрашув доирасида Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов ва бўлинма бош директори Лю Дун ўртасида бир нечта йўналишлар бўйича битимлар имзоланди.

Улар орасида:

  1. Тошкент шаҳри йўл инфратузилмасини реконструкция ва модернизация қилиш.

Қиймати 300 миллион доллар бўлган ушбу лойиҳа доирасида йўллар ва тегишли инфратузилмани янгилаш ишлари режалаштирилган. Жараёнга маҳаллий ва хорижий компанияларнинг 200 дан ортиқ мутахассислари, жумладан, геодезистлар, транспорт муҳандислари ва лойиҳачилар жалб этилади.

  1. Лойиҳалаштириш ва кадрларни ўқитиш бўйича қўшма корхона ташкил этиш.

Ушбу лойиҳа 20 дан ортиқ иш ўрни яратиш имконини беради. Корхона йўл қурилиши ва инфратузилмани ривожлантириш соҳасида мутахассислар, жумладан, архитекторлар, лойиҳачилар ва дизайнерларни тайёрлаш ва малакасини ошириш билан шуғулланади.

  1. Кўприкларни лойиҳалаш ва қуриш.

Молиялаштириш механизмларини ишлаб чиқиш, кўприкларни лойиҳалаштириш ва қуришни назарда тутувчи 259 миллион долларлик шартнома имзоланди. Лойиҳа натижасида 160 та янги иш ўрни яратилади. Кўприклар қурилиши тирбандлик муаммосини ҳал қилишга ёрдам бериши ва пойтахтда йўл ҳаракатини сезиларли даражада яхшилаши кутилмоқда.

  1. Йирик турар жой мажмуасини қуриш.

Қиймати қарийб 440 миллион доллар бўлган, муҳокама босқичида турган лойиҳа доирасида бизнес ва савдо марказлари, мактабгача ва мактаб таълими муассасаларини ўз ичига олган замонавий турар жой мажмуасини қуриш режалаштирилган.

CSCEC (China State Construction Engineering Corporation) Хитойнинг энг йирик қурилиш компанияси бўлиб, бажарилган ишлар ҳажми бўйича дунёда етакчи ҳисобланади.

Mavzuga oid materiallar