8 октябрь куни Тошкентда «HORECA EXPO UZBEKISTAN 2024» меҳмондўстлик ва ресторан бизнеси саноатининг I халқаро ихтисослаштирилган кўргазмаси очилди. Тадбирда HoReCa етакчи вакиллари, шунингдек, меҳмондўстлик сектори учун ускуналар, технологиялар ва хизматлар етказиб берувчилар иштирок этди.
Кўргазмада Марказий Осиё, Европа ва Осиёдан 50 дан ортиқ экспонентлар меҳмонхона бизнеси, ресторан бизнеси ва турдош тармоқлардаги энг сўнгги ишланмалар ва ютуқларни намойиш этмоқда. Мингга яқин ташриф буюрувчи Ўзбекистон, Туркия, Россия, Германия, Буюк Британия, Хитой ва Грузия компанияларининг маҳсулотлари билан танишади.
Кўргазманинг асосий тематик йўналишлари қуйидагилардан иборат:
HoReCa учун асбоб-ускуна ва технологиялар;
Технологик инновациялар;
Озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимликлар;
HoReCa учун IT ечимлар;
Мебель ва тўқимачилик маҳсулотлари етказиб берувчилар;
Шахсий гигиена ва косметика воситаларини етказиб берувчилар;
Декор ва интерьерлар дизайни.
Тадбир доирасида «Меҳмондўстлик соҳасидаги инновацион трендлар» мавзусида халқаро конференция ҳамда «Метрикалар асосида қабул қилиш ва жойлаштириш хизматини бошқариш» мавзусида тренинг ташкил этилди. Иштирокчилар бизнес жараёнларига замонавий технологияларни жорий этишнинг энг янги бошқарув стратегиялари, маркетинг ёндашувлари ва муваффақиятли кейсларини муҳокама қиладилар.
Кўргазманинг асосий мавзуларидан бири меҳмондўстлик соҳасида яшил - экологик барқарор ечимларни жорий этиш бўлди. Иштирокчилар экотуризм ва «яшил» технологияларга ўтиш масалаларини муҳокама қилдилар, бу атроф-муҳитга салбий таъсирни минималлаштиришга ва HoReCa саноатида барқарор инфратузилмани яратишга ёрдам беради.
«HORECA EXPO UZBEKISTAN 2024» Ўзбекистон ва Марказий Осиёда меҳмонхона ва ресторан бизнесини ривожлантириш, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш, янги инвестицияларни жалб қилиш ва меҳмондўстлик соҳасида хизмат кўрсатиш даражасини оширишга хизмат қилади. Тадбир Ўзбекистоннинг минтақадаги туризм ва меҳмонхона саноати марказларидан бири сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашга ёрдам беради.