Африканинг Руанда давлатида Марбург геморрагик иситмаси билан касалланишнинг 58 та ҳолати қайд этилди, деб хабар берди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти.
ЖССТ ушбу эпидемия хавфини миллий даражада жуда юқори, минтақавий даражада юқори ва глобал даражада паст деб баҳолайди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон давлат чегарасини кесиб ўтиш жойларида фаолият кўрсатаётган санитария-назорат-ўтказиш пунктларида ҳушёрлик кучайтирилди.
«Фуқароларимиз жиддий хавотирга тушмаслиги керак», — дея таъкидлади Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси.
Марбург иситмаси нима
Марбург вируси келтириб чиқарадиган касаллик (Марбург геморрагик иситмаси ёки Марбург иситмаси) ўлим даражаси юқори бўлган хавфли касаллик бўлиб, биринчи марта 1967 йилда қайд этилган. Кейин бирданига бир нечта чақнашлар содир бўлди:
Германиянинг кичик шаҳарчаси Марбургда (касаллик номи шундан келиб чиққан);
Германиянинг йирик шаҳри — Франкфуртда;
Белградда (ўша пайтда Югославия пойтахти).
Касалликнинг бирламчи аломатлари юқори ҳарорат, бош оғриғи ва кучли дармонсизликдир. Учинчи куни ўткир сувли диарея, қоринда спазмлар, кўнгил айниши ва қусиш пайдо бўлиши мумкин. Касалликнинг бешинчи-еттинчи кунларида оғир қон кетиши кузатилади.