Россия парламентининг қуйи палатаси — Давлат думаси ноқонуний миграцияни ташкил этганлик учун жазони кучайтириш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. «Коммерсант» нашрининг хабар беришича, энди бу ҳуқуқбузарлик уюшган гуруҳ томонидан содир этилган бўлса, ўта оғир жиноят сифатида баҳоланади.
Тегишли моддани бузганлик учун жазо саккиз йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, шунингдек, уч миллион рублдан беш миллион рублгача (395 миллион сўмдан 659 миллион сўмгача) жарима тўлашдан иборат бўлади.
Шунингдек, Россияда ҳужжатларни қалбакилаштириш ёки хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда ноқонуний миграцияни ташкил этганлик учун жазо чоралари ҳам кучайтирилди. Бунинг учун беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди.
Бундан ташқари, Россия депутатлари Давлат думасининг сўнгги йиғилишида миграция сиёсати соҳасида яна бир қонунни қабул қилдилар. Ҳужжатга кўра, Россия Федерациясига чет элликлар ноқонуний кириши ва ҳаракатланишини ташкил этиш бўйича хизматлар таклиф этиладиган сайтларни энди суд қарорисиз блоклаш мумкин бўлади.
Эндиликда ноқонуний мигрант томонидан жиноят содир этилиши оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланади.