«Рельсларда ўхшамади, ғилдиракда синаб кўрамиз»: Тошкентда янги трамвайлар ишга тушиши мумкин

Ўзбекистон

Тошкент шаҳар ҳокимлигида пойтахт автомобиль транспорти тизимини такомиллаштиришга қаратилган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йўл-транспорт инфратузилмаси ва атмосфера ифлосланишига доир масалаларнинг долзарблиги, ушбу мавзуларда кўплаб аҳоли мурожаатлари ва муҳокамалари мавжудлигидан келиб чиққан ҳолда, Тошкент шаҳар ҳокимлигида ҳокимлик, Toshkent Invest АЖ, Глобал экологик фонд (ГЭФ), Хитойнинг CRRC Group компанияси, БМТ ТД ва Транспорт вазирлиги вакилларининг иштирокида учрашув ташкил этилди.

Йиғилишда жамоат транспортини такомиллаштириш, яшил ёқилғида ҳаракатланадиган транспорт воситалари улушини ошириш, микромобилликни кенгайтириш, йўловчилар ва ҳайдовчилар учун қулайлик яратиш масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, тадбир давомида «Тошкент шаҳрида кам углеродли транспортга инвестицияларни жалб қилишни жадаллаштириш» лойиҳаси тақдим этилди. Лойиҳа ГЭФ ва БМТ Тараққиёт дастури кўмагида ишлаб чиқилган бўлиб, пойтахтнинг энг гавжум кўчаларидан бири Шота Руставели кўчаси бўйлаб яшил транспорт йўлагини яратишни синов тариқасида таклиф қилмоқда.

Шунингдек, CRRC Group компанияси вакиллари ишлаб чиқарилаётган транспорт воситалари ҳақида батафсил маълумот берди. Хусусан, ғилдиракли трамвайларнинг афзалликлари, қулайлиги, самарадорлиги ва сиғими ҳақида сўз юритилиб, уларни пойтахт транспорт тизимига интеграциялашуви таклиф этилди.

Учрашув якунида томонлар келгусида энг самарали ечимларга эришиш учун ҳамкорликда ишлаш ва мунозараларни давом эттиришга келишиб олди.

Мавзуга оид материаллар