Шундан сўнг Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш департаментига жазо муддатларини ўтаётган бир қанча фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашувларга рухсат беришларини сўраб, мурожаат қилди. ЖИEД расмийлари ваъдасининг устидан чиқди ва дастлаб икки маҳкум — Давлетмурод Тожимуратов ҳамда блогер Отабек Сатторий билан учрашувларга имконият яратди.
Жамият фаоли Абдураҳмон Ташанов шу йилнинг 12 январь куни Навоийда Даулетмурат Тожимуратов, 13 январда эса Қаршида блогер Отабек Сатторий билан учрашди. Ташановга кўра, икки маҳкумнинг ҳам соғлиғи билан боғлиқ ҳолатдан эътирози йўқ. Улар ўзларига нисбатан чиқарилган суд ҳукмларидан норози, келгусида ўзларининг ҳақ-ҳуқуқлари учун курашни давом эттиришмоқчи.
Давлетмурод аввалига ўзини бироз асабий тутди. 25 декабрда уни жазони ижро этиш муассасаси тартибини бузганликда айблашибди. Мен унга буни ҳуқуқий йўл билан баратараф қилинг, ахир сиз ҳуқуқ ҳимоячиси бўлгансиз, судга беринг, дедим. Кўнди. Сўнг ўзига хат ва бандеролларнинг кечикиб келаётганидан, ўзининг хатлари ташқарига чиқиши қийин бўлаётганидан шикоят қилди, — дейди Ташанов.
Ташановга кўра, Тожимуратов ўзига нисбатан адвокатлари томонидан илгари сурилаётган қийноқ иддаоларини изоҳларкан, ўзининг дастлабки терговлар даврида сочининг мажбурий олиниши жараёнида ходимларга фаол қаршилик кўрсатгани, ўз навбатида ходимлар ҳам у билан зиддиятга бориб, жисмоний куч ишлатганини таъкидлаган. Бошқа конкрет қийноқ ҳолатлари бўйича гапирмади.
Давлетмурод колония раҳбарларини жуда яхши одам, у билан муносабатларим жуда яхши, деди. Лекин ҳамма нарса уларнинг қўлида эмас, мен жазони ижро этиш тизимини ўзгартириш бўйича кўп таклифлар беряпман, боиси қонунчиликда маҳкумлар билан узоқ муддатли учрашувлар қаттиқ тартибли колонияларда ҳам, умумий тартибдагисида ҳам, узоқ муддатга қамалган ва енгилроқ жазолиларга ҳам бир хил деди, — дейди Ташанов.
Унинг таъкидича, колонияда маҳкумларнинг яқинлари билан учрашувлар даврида назорат ҳаддан ташқари кучли, бу эса маҳкумлар ҳуқуқини камситишдек кўринади.
Колония мамуриятини қонунлардан оғишмаслик, уларга қаттиқ риоя қилишга чақирдим. Илло, ҳамманинг кўнглини бир хилда топиш қийин, бу ерда ягона устиворлик фақат қонун-қоидаларга амал қилишга берилиши керак, — дейди
Ташанов.
Қаршидаги манзил колонияда блогер Отабек Сатторий билан учрашув жуда яхши ўтди. Отабек аввало ўзини қўллаб-қувватлаган барчага миннатдорчилик билдирди. Колония бошлиғининг таъкидича, апрель охири, майнинг бошларида у озодликка чиқади. Тикув цехида ишламоқда.
Қамоқдаги расмим интернетга чиқишини истамайман деди, шу боисдан колония у билан расмимизни хизматда фойдаланиш учунгина олишди, менга беришмади, — дейди Абдураҳмон Ташанов.
Отабекнинг таъкидича, ўзига чиқарилган суд ҳукми бўйича қайта шикоят қилиш нияти йўқ. Тинчгина ахборот технологиялари соҳасида ишламоқчи. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни юксак салоҳиятли лидер, деб билади ва унга хизмат қилишдан ўзидан фахр туяди.
Аксинча, Ташанов уни жазо муддати битгач, ўзини оқлашга уринишга чақирган. Хуллас, икки маҳкумда икки хил кайфият. Бири бироз асабий ва некбинлик ҳиссидан узоқ, иккинчиси аллақачон ҳаётий мақсадлари, келажаги ҳақида хулосага келиб бўлган, — дейилади хабарда.