Тошкентда ҳокимларнинг 60 та қарори ҳақиқий эмас деб топилди

O‘zbekiston

Тошкент шаҳри ҳокими, шунингдек, туман ҳокимларининг 60 та қарори судда ҳақиқий эмас деб топилган.

Бу ҳақда Тошкент маъмурий суди раиси Улуғбек Алмамедов матбуот анжуманида маълум қилди.

Қайд этилишича, 2023 йилда Тошкент шаҳри ва туман ҳокимларининг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш бўйича 220 та иш кўриб чиқилган. Шундан 60 та қарор ҳақиқий эмас деб топилган. 120 таси талаб бўйича рад қилинган.

Суд раиси маълумотига кўра, қарорларнинг ҳақиқий эмас деб топилиши борасида туманлар кесимида Чилонзор тумани ҳокими, умумий кўрсаткич борасида эса Тошкент шаҳри ҳокими етакчи ҳисобланади.

Жумладан, 2023 йил якунлари бўйича Бектемир, Юнусобод, Яшнобод, Янгиҳаёт, Миробод тумани ҳокимларининг биттадан қарори, Мирзо Улуғбек ва Учтепа туманлари ҳокимларининг 3 тадан, Шайхонтоҳур тумани ҳокимининг 4 та, Олмазор тумани ҳокимининг эса 7 та қарори ҳақиқий эмас деб топилган. Бу борада туманлар бўйича етакчилик Чилонзор ҳокимида бўлиб, ўтган йил давомида унинг 10 та қарори ҳақиқий эмас деган суд қарори қабул қилинган.

Қўшимча қилинишича, Тошкент шаҳри ҳокими ҳам суд эътирозига сабаб бўлган ва ҳақиқий эмас деган тамғага эга 23 та қарор қабул қилган.

Mavzuga oid materiallar

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.