Барча муҳофаза ҳудудларида ёввойи ҳайвонлар учун озуқа маҳсулотлари қўйиб чиқилмоқда

O‘zbekiston

Бугунги кунда Ўзбекистондаги барча муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда қиш фаслида ёввойи ҳайвонларнинг озуқа топишини осонлаштириш мақсадида турли биотехник тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, «Сурхон» давлат қўриқхонасидаги барча бўлимларнинг озиқланиш нуқталарига кепак, 5 тонна туз, «Ҳисор» давлат қўриқхонасида 1650 боғ дағал хашак, Боботоғ миллий табиат боғида 50 боғ дағал хашак, Юқори Тўпаланг миллий табиат боғида 500 боғ дағал хашак, туз, кепак каби маҳсулотлар керакли жойларга қўйилмоқда.

Бундан ташқари, ёввойи ҳайвонларга Зомин миллий табиат боғида арпа, кепак, туз, 1000 боғ дағал хашак, Нурота давлат қўриқхонасида арпа, беда, туз, Чотқол давлат биосфера қўриқхонасида 1 тонна туз, 1 тонна кепак ва 100 боғ дағал хашак, Хоразм миллий табиат боғида туз, арпа, 5 тонна кепак ва 200 боғ дағал хашак, Қизилқум давлат қўриқхонасида кепак, омухта ем, туз, 400 боғ дағал хашак берилмоқда.

Қолаверса, Сайгачий мажмуа ландшафт буюртма қўриқхонасида 20 боғ дағал хашак, «Борсакелмас» давлат буюртма қўриқхонасида буғдой, кепак, туз, Зомин давлат қўриқхонасида арпа, кепак, пичан, туз, Омонқўтон миллий табиат боғида қушлар учун дон, Оролқум миллий табиат боғида 500 кг макка дони, 300 боғ дағал хашак, Зарафшон миллий табиат боғида 100 дона прессланган сомон ва беда, 10 тонна кепак, Жанубий Устюрт миллий табиат боғида кепак ва дағал хашак, «Угом-Чотқол» миллий табиат боғида 500 кг буғдой, 100 кг арпа, 300 кг омухта ем, 38 кг туз, Оролбўйи миллий табиат боғида буғдой, кепак, туз ва 600 боғ дағал хашак, Қуйи Амударё давлат биосфера резерватида омухта ем, 1100 боғ дағал хашак, Бухоро ихтисослаштирилган «Жайрон» питомнигида арпа, беда, сабзи илдиз меваси каби маҳсулотлар ёйиб чиқилган.

Шунингдек, «Оқтоғ-Томди» давлат қўриқхонасида 150 боғ дағал хашак, 250 кг омухта ем, «Судоче Акпетки» буюртма қўриқхонасида 2 тонна кепак, 250 дона прессланган сомон ва беда, Марказий Қизилқум миллий табиат боғида 2 тонна арпа, сомон ва прессланган беда, 300 кг туз, Поп миллий табиат боғида эса кепак, туз, беда ҳамда буғдой маҳсулотлари ёввойи ҳайвонлар учун қулай ҳудудларга жойлаштирилмоқда. Биотехник тадбирлар кунлар илиб, ёввойи ҳайвонларнинг табиий яшаш шароити яхшилангунига қадар давом эттирилади.

Mavzuga oid materiallar

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.