Капитал бозорида тартибга солиш қумдони махсус ҳуқуқий режим жорий этилди

O‘zbekiston

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан Капитал бозори соҳасида тартибга солиш қумдони махсус ҳуқуқий режимини тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низом ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.

Капитал бозорини янада ривожлантириш, унинг инфратузилмасини такомиллаштириш, инвесторларни капитал бозорига жалб этишни рағбатлантириш, чет эл инвесторлари учун маҳаллий фонд бозорида қатнашиш тартибини соддалаштириш мақсадида республикада кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда.

Президентнинг 2023 йил 2 сентябрдаги «Капитал бозорини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори вазифаларини бажариш мақсадида Капитал бозори соҳасида «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режимини тақдим қилиш тартиби тўғрисидаги низом ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.

Махсус ҳуқуқий режимни жорий этишдан асосий мақсад хорижий инвесторларнинг маҳаллий капитал бозорига киришини осонлаштиришга қаратилган илғор хорижий тажрибани синовдан ўтказиш, Ўзбекистон Республикасига инвестицияларни жалб этишнинг янги шакл ва усулларини жорий этишнинг ҳуқуқий механизмларини ишлаб чиқишдан иборат.

Мисол учун, Махсус ҳуқуқий режим хорижий номинал сақловчилар учун бир қатор енгилликларни яратади. Яъни улар энди Ўзбекистон Республикасида махсус лицензия олиш, филиал ёки янги юридик шахс ташкил этиш ҳамда устав капиталида маҳаллий юридик шахснинг иштирок этиш заруратидан озод этиладилар.

Шу билан бирга, уларга Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида хорижий ва миллий валютада ҳисоб рақамлари, Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсида ва «Ўзбекистон республика валюта биржаси» АЖ депозитарий тизимида қимматли қоғозлар бўйича ҳисобварақлар очиш имконияти ҳам берилган.

Шунингдек, 38 та тан олинган хорижий юрисдикциядан (АҚШ, Хитой, Буюк Британия, Cингапур, Япония ва бошқалар) профессионал иштирокчилар Махсус ҳуқуқий режим иштирокчилари бўлишлари мумкин.

Ушбу чора-тадбирларнинг қабул қилиниши капитал бозорини жадал ривожлантириш, илғор хорижий тажрибани жорий этиш ва мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга қаратилган.

Mavzuga oid materiallar

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.