Бу ҳақда туман ҳокими Ҳаёт Иноғомов сўзларига таяниб, «Газета.uz» хабар берди.
Унга кўра, қурилиш учун ажратилган 100 гектар ер давлат захирасига қайтарилган.
«29 январь куни биз Minerva City устидан сўнгги ишимизда ғалаба қозондик. [Ер бериш тўғрисидаги] қарор бекор қилиниб, ер Тошкент шаҳар ҳокимлиги балансига қайтарилди, яъни давлатга қайтарилди. Кейин яна мурожаат қилишди. Ҳозирда ушбу мурожаатни кутмоқдамиз. Бироқ агар сиз мурожаатни ўқисангиз, улар ҳуқуқий томондан ғалаба қозониш учун ҳеч қандай далил келтирмаган. Якуний суд қарорини яқин 15 кун ичида оламиз. Ер аллақачон давлатга қайтарилган, бироқ апелляция шикояти берилгани учун суд ишни қайта кўриб чиқмоқда», — деди туман ҳокими.
Ҳаёт Иноғомов маълум қилишича, компаниянинг ўзи олти кишидан ташқари мажмуадан объектлар сотиб олган барча фуқароларга пулларни қайтариб берган.
«Улар рози бўлишди ва тўлаган пулларини олишди. Олти киши уни олишни истамади. Суд жараёнида улар ҳам иштирок этишди. Улар тадбиркор билан гаплашиб, бошқа лойиҳани [компания билан] амалга оширишга қарор қилишди. Уларнинг давлатга ҳеч қандай шикояти йўқ», — дейди у.
Ҳокимнинг сўзларига кўра, давлатга қайтарилган ерларда турар-жой бинолари қуриш кўзда тутилган ва яқин атрофда университет қурилиши мумкин.
«Биз Хитойга борганимизда инвесторларга [лойиҳани] кўрсатдик. Сармоя киритишга тайёр инвестор аллақачон мавжуд. 96-100 гектар майдонда 35-40 минг кишилик уй-жой қурилади. Барча хизмат кўрсатиш объектлари мавжуд бўлади. Ҳали бу даражага етмаган бўлсакда, яқин жойда университет қурмоқчимиз. Ҳудудимизда битта олий ўқув юрти бўлса, ҳудудда зиёлилар сони кўпаяди», — деб кутмоқда ҳоким.
Ҳаёт Иноғомов қурилиши режалаштирилган университет хусусий ёки давлат бўлишини, лекин у Иқтисодиёт ёки Молия университети бўлмаслигини айтди. Тошкент давлат иқтисодиёт университети Тошкент молия институти билан бирлашгандан сўнг Сергели туманига ўтказилиши режалаштирилаётгани аввалроқ хабар қилинган эди. Бир кун аввал Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент молия институти ва Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Фискал институт бир олий таълим муассасасига бирлашаётгани маълум бўлди. Тўлқин Тешабоев ректор этиб тайинланди.
2020 йилда мактаблар, коллеж ва «жаҳон даражасидаги» университетдан иборат Minerva City мажмуасида қурилиш бошланганди. Шу мақсадда Янгиҳаёт туманида 100 гектар майдон ажратилиб, бу ерда 15 минг хонадонли турар-жой бинолари, болалар боғчалари, кўкаламзорлаштириш майдончалари, истироҳат боғлари, болалар майдончалари, поликлиника, меҳмонхона, ёқилғи қуйиш шохобчалари барпо этиш режалаштирилган эди.
Уч йил ўтгач, ҳудудда бир нечта турар-жой мажмуалари қурилди, аммо иш тўхтади.
Ижтимоий тармоқларда янги уйлардан квартира сотиб олиш учун пул тўлаган 200 дан ортиқ фуқаронинг шикояти тарқалди. Улар уйларнинг калитларини олмаганидан норози бўлишди, ваъда қилинган муддат ўтиб кетган бўлсада, пуллар уларга қайтарилмади.
Мурари Лал Джаланнинг таъкидлашича, у Бахт кўли негизида 100 гектар майдонда қурилиши режалаштирилган Lake City мажмуаси лойиҳасига (ҳозирда NRG Uzbekistan томонидан турар-жой мажмуаси қурилмоқда) сармоя киритган.
«Бир неча ой ўтди ва биз ҳали ҳам Minevar City ва Lake City лойиҳалари учун тўлиқ бош режани олмадик. Мен бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокими билан учрашишни сўрадим, аммо ҳоким бу таклифни рад этди. Шундан сўнг кутилмаганда прокуратура, экология, ёнғин хавфсизлиги каби давлат идоралари ходимлари қурувчиларнинг ишига аралаша бошлади», — деди инвестор.
У собиқ ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаевни шантажда айблади. Ҳокимлик давлат хизматчисини обрўсизлантиришга уриниш эълон қилди ва Бош прокуратурага ариза билан мурожаат қилишини айтди.
