Бундан ташқари, Қор қоплони ва экотизимларни муҳофаза қилиш бўйича глобал дастур (GSLEP) бошқарув қўмитасининг вазирлар йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда қор қоплонлари яшайдиган мамлакатларнинг атроф-муҳит вазирлари, шунингдек, ҳамкор ташкилотлар ва халқаро молия институтлари (ХМИ) вакиллари иштирок этди.
2013 йилдаги Бишкек декларацияси билан тузилган ушбу ҳукуматлараро иттифоқнинг 10 йиллиги нишонланди.
Вазирлар йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов сўзга чиқиб, қор қоплони ва унинг экотизимларини асраб-авайлаш нафақат экологик нуқтаи назардан муҳим, балки катта мерос ва маданий аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.
«Ўзбекистонда табиатни асраш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат сиёсатининг асосий устувор вазифаларидан биридир. Хусусан, экологик стратегик сиёсат бўйича қатор ҳужжатлар, қарорлар ва чора-тадбирлар режалари, жумладан, 2030 йилгача атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси, 2028 йилгача биохилма-хилликни сақлаш стратегияси ва бошқалар қабул қилинди.
Ўзбекистонда ГЭФ ва БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда қор қоплонини сақлаш лойиҳасини муваффақиятли амалга оширдик, бу бизга экологик таълимга йўналтирилган иккита ташриф марказини яратиш ва SMART патруль тизимини жорий қилиш имконини берди. Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати ташаббуси билан Ғарбий Тянь-Шанда қор қоплонларини сақлаш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзолангани ҳам фахрланарли натижадир», — деб қўшимча қилди вазир.
- Йиғилишда қор қоплонлари яшайдиган 12 та давлат ҳукуматлари, шунингдек, GSLEP котибияти ва ҳамкорлар томонидан Бишкек декларациясини амалга ошириш бўйича қилинган саъй-ҳаракатлари жамоавий баҳоланди;
- истиқболдаги устувор ҳаракатлар белгиланди, аниқланган молиявий камчиликлар муҳокама қилинди;
- келажакдаги ресурсларга бўлган эҳтиёж баҳоланди ва қор қоплонини сақлаш ташаббусларини молиялаштириш усуллари аниқланди.
Халқаро тараққиёт ташкилотлари, халқаро молия институтлари ва донор давлатлар иштирокидаги мазкур йиғилиш қор қоплонлари популяциясини сақлаш ва иқлим таъсирига мослашиш мақсадида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, лойиҳаларни бошлаш ва мамлакатга грант маблағларини жалб қилиш имконини беради.
Бугунги воқеликда, глобал исиш ва музликларнинг эришига олиб келадиган, бу билан қор қоплонларининг яшаш муҳити ва унинг ўлжа манбаларига тузатиб бўлмайдиган даражада зарар етказаётган иқлим ўзгариши шароитида ушбу қимматли турни сақлаб қолиш учун трансчегаравий ва давлатлараро ҳамкорлик муҳим эканлиги қайд этилди.
Мулоқотни ўз вақтида ўтказиш, қор қоплонларининг яшаш муҳитини асраб-авайлаш бўйича қўшма чора-тадбирлар ишлаб чиқиш муҳимлигини инобатга олиб, йиғилиш якунлари бўйича асосий мажбуриятлар белгилаб берилган тарихий Самарқанд резолюцияси қабул қилинди. У ҳукуматларни, ривожланиш бўйича ҳамкорларни ва молиявий институтларни иқлим ўзгаришига мослашиш ва сақлаш бўйича саъй-ҳаракатларни жадаллаштириш учун инновацион молиялаштириш механизмларини ўрганиш орқали GSLEP дастури ва тегишли ташаббусларни қўллаб-қувватлашга чақирди.
Ушбу муҳим учрашув келгуси ўн йилликдаги ўзгаришларни кучайтиришга ва минтақанинг биологик хилма-хиллиги ва бутун инсоният манфаати учун Осиё тоғларининг экологик келажагини таъминлашга ваъда берди.