Ipak yoʻli banki жорий вазият юзасидан 28 февраль куни расмий изоҳини эълон қилди.
«Сизларга шуни маълум қиламизки, мижозларга банк хизматларидан тўлиқ фойдаланиш имкониятини тақдим этиш мақсадида банк Ipak yoʻli мобил иловаси орқали аввал шахсий идентификация рақамини тақдим этиши керак бўлган мижозларга билдиришнома юборган эди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур талаб Марказий банкнинг «Банк ҳисобварақларини очиш, юритиш ва ёпиш тартиби тўғрисида»ги низомида белгиланган стандарт амалиёт бўлиб, барча банкларга нисбатан қўлланилади», — дейилади хабарда.
Ipak yoʻli bankiʼнинг қўшимча қилишича, «Ўз мижозингни бил» қоидаларига мувофиқ, банк ўз мижозларининг шахсий маълумотларини янгилаш учун маълумот сўраш ҳуқуқига эга.
«Барча мижозлар ҳисоблари ва маблағлари фаол ва фойдаланиш учун очиқлигича қолаётганини таъкидламоқчимиз, маблағларни тасарруф этишда ҳеч қандай чекловлар йўқ», — хулоса қилади банк.
Эслатиб ўтамиз, резидентлар томонидан ЖШШИРни мажбурий тақдим этиш қоидалари Ўзбекистоннинг барча банкларига тегишли.