

«Бугун LOT Polish Airlines авиакомпаниясининг яна бир йўналиши очилди. Ўзбекистон дунёдаги энг қизиқарли мамлакатлардан бири бўлиб, Польша ва Европадан келган йўловчиларга жуда кўп нарсаларни таклиф қила олади. Ишончим комилки, ҳаво кемамиз бортида Марказий Осиёнинг юрагига қулай шароитда етиб бориш имконияти Польша ва Ўзбекистон ўртасида туризм ва иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун туртки бўлади. Биз бу йўналишни Ўзбекистон фуқаролари манфаатларини ҳам ҳисобга олган ҳолда очдик. Қулай транзит пункти бўлган Варшаванинг Шопин аэропортидан Тошкент йўловчилари бизнинг йўналишлар тармоғимизда мавжуд бўлган Европа ёки Шимолий Американинг 80 га яқин шаҳарларига етиб боришлари мумкин», — деди авиакомпания бош директори Михал Фиёл очилиш маросимида.

«Варшава ва Тошкент ўртасида авиақатновларнинг очилиши биз учун Европа билан ҳаво алоқаларини ўрнатишда муҳим қадам бўлди. Пандемиядан сўнг LOT Polish Airlines Ўзбекистон фуқаролари учун Европа шаҳарларига, европаликлар учун эса Ўзбекистон шаҳарларига парвозларни очган биринчи Европа авиакомпанияси бўлди. Биз буни авиакомпания ва аэропорт ўртасидаги ҳамкорликдан кўра кўпроқ деб биламиз – ҳаво қатнови ҳар икки томон туризмини ривожлантиришда янги саҳифа очади. Умид қиламанки, икки кун давомида Польшадан келган меҳмонлар, жумладан, журналистлар, блогерлар ва туроператорлар Ўзбекистонни қайтадан кашф этадилар ва ўз нашрлари, телеканаллари ва ижтимоий тармоқларида бу ҳақда сўз юритишади», — дея қўшимча қилди Uzbekistan Airports раҳбари Жавлонбек Умарходжаев .

