Ангрен ИЭС атроф-муҳитга етказилган зарар учун ярим млрд сўм жаримага тортилди

O‘zbekiston

Ангрен иссиқлик электр станциясига атмосферага етказилган зарар учун 533 миллион сўм жарима солинди. Текширув ишларига тўсқинлик қилган ходимга нисбатан баённома расмийлаштирилган.

Ангрен иссиқлик электр станциясига атмосферага етказилган зарар учун 533 миллион сўм жарима солинди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги маълум қилди.

Текширув давомида маълум бўлишича, корхонанинг биринчи манбасида углерод оксиди меъёрдан 4,37 баробар, иккинчисида азот оксиди 7,68 баробар, учинчи манбада азот оксиди меъёрдан 15,24 баробар ортиқ бўлган.

2023 йилнинг 4-чораги ва 2024 йилнинг январь-февраль ойлари ҳолатига кўра, атмосфера ҳавосига эмиссия меъёридан ошиб кетганлиги учун 140 миллион сўм миқдорида компенсация тўлови белгиланди.

Бундан ташқари, корхонанинг чанг ва газ тозалаш ускунасининг ишлаши тўғрисида маълумотлар йўқлиги сабабли атмосферага чиқиндилар ва кўмир куллари чиқиндилари учун қайта ҳисоб-китоблар амалга оширилди. 2022 йил учун қўшимча 263 миллион сўм, 2023 йил учун эса 129 миллион сўм ҳисобланган.

Терговга халақит берган ходимга нисбатан ҳам маъмурий баённома тузилди. Судга топшириш учун ҳужжатлар тайёрланмоқда.

Mavzuga oid materiallar