Маълумотларга кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Наманган вилоятининг Косонсой туманида яшовчи фуқаро Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида яшовчи фуқаро билан олдиндан тил бириктириб, буйрагини сотишга келишгани аниқланган. Фуқаро Тошкент шаҳрига кетаётганида қўлга олиниб, органни сотиш учун ҳужжатларни қалбакилаштиргани аниқланган. Операция Тожикистонда ўтказилиши керак эди, буйрак 4000 долларга баҳоланган.
Ҳозирда аниқланган ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 133-1-моддаси 1-қисми (Инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини олиш ҳамда трансплантация қилиш шартларини ва (ёки) тартибини бузиш) ва 228-модданинг 1-қисми (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.