Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда электрон сигареталар, улар учун суюқликлар ва тамакини қизитиш тизимларини сотишни тўлиқ тақиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тайёрлади.
Вазирлик баёнотида сўнгги йилларда никотин ва тамаки маҳсулотларининг «замонавий» ва «инновацион» турлари, хусусан никотин етказиб беришнинг электрон тизимларини мамлакатга қонунга хилоф равишда кириб келиши ва айланмаси ҳамда аҳоли, айниқса болалар ва ёшлар орасида уларни чекиш кескин кўпайгани қайд этилади.
«Ўсмирлар ва ёшлар электрон сигаретани катталарга қараганда уч баравар кўпроқ ишлатишади. Мактабларнинг юқори синф ўқувчилари орасида электрон сигареталарга қизиқиш тез суръатларда ортмоқда, хусусан, 26,6 минг ўғил болалар ва 8,6 минг қиз болалар чекишга мойил», — дейилади хабарда.
Ҳужжатда маъмурий ва жиноий кодексларга ушбу тартибни бузганлик учун жазо чораларини кўрадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилган.