Мамлакат бўйлаб объектларда муҳандислик муҳофазаси олиб борилмоқда, тошқинлар, сел оқимлари ва кўчки ҳодисалари хавфсиз ўтказиш дастури амалга оширилди. 200 дан ортиқ механизациялашган бўлинмалар сел ва кўчкилар юзага келган тақдирда оқибатларини бартараф этишга тайёр.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тоғолди ва тоғли ҳудудларда яшовчи аҳолига сув тошқини хавфи бўлган тақдирда тегишли тавсиялар берди:
Сел хавфи бўлган ҳудудларда яшовчи ҳар бир киши унинг уйи, хўжалигини сел келиш ҳудудида жойлашгани ҳақидаги маълумотга эга бўлиши керак ва Ўзгидромет, ФВВ, ҳокимиятлар вакиллари томонидан берилган кўрсатмалардаги сел ва сув тошқинидан ҳимоя қилиш йўл-йўриқларига амал қилиши лозим.
Сел оқимларидан фақат қочиб қутилиш мумкин. Сел хавфи тўғрисида ҳабар эшитгандан сўнг дархол хавфсиз жойга кўчиш ҳаракатларини қилиш керак. Сел оқимининг тез фурсатда шаклланиши, унинг тезлигини ҳисобга олган ҳолда, хабар тарқатиш ва муҳофаза тадбирларини бажариш учун вақт жуда чегараланганлигини (бир неча дақиқадан 10-20 дақиқагача бўлиши мумкин) доимо ёдда тутиш лозим.
Сел оқимидан халос бўлишнинг иложи бўлмаса, баландроқ тепалик устига, дарахтга ёки бирор баландроқ мосламалар устига чиқиш керак. Одатда сел 3-5 соат вақт давом этиши мумкин.
Сел оқими ўтгандан сўнг девор ва устунларнинг ҳолатини, газ, электр ва сув таъминотининг созлигини текшириш зарур.
Ўзбекистон Республикасидаги барча тоғ ва тоғ олди ҳудудлари сел хавфи бўлган зоналарга киритилган. Республиканинг Наманган (19%), Фарғона (14%), Сурхондарё (13%), Тошкент (12%), Самарканд (12%) ва Қашқадарё вилоятлари (12%) ҳудудлари сув тошқини-сел хавфи мавжуд ҳудудлардан ҳисобланади. Кўп йиллик кузатишлар мобайнида Ўзбекистон ҳудудида сел тошиш эҳтимоли апрель-июнь ойларида бир мунча фаоллашуви қайд этилган ва содир бўлган ҳодисалар қуйидагича тақсимланган: апрель ойида 30 %, май ойида 36 %, июнь ойида 14 %.