Тошкентда бошланғич синф ўқитувчиси хатолари учун ўқувчиларни игна ва саморез санчиб жазолаган. Бу ҳақда «Daryo»га болалардан бирининг онаси маълум қилди.
Онанинг сўзларига кўра, у болаларни қўрқитган ва агар бу ҳақда бировга айтишса, бундан ҳам баттар қилиб қўйишини ва қўлига мих санчишини айтган.
Мурожаатда ота-оналар синф раҳбари С.Р. ўқувчилар қўлига саморез ва игналар санчиб, турли жароҳатлар етказгани, гўёки шундай усулда болаларни тарбиялашга уринганини билдирган.
Ота-оналардан бири бу ҳолат 2023/2024 ўқув йили бошидан бери давом этаётганини айтди.
«С.Р. болаларга нисбатан шундай номақбул ҳаракатларни содир этгани юзасидан ўқитувчи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди», — дейилади хабарда.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Сергели тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.