Сирдарёда майнинг фермаси 34,3 млрд сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган, деб хабар берди ДХХ ахборот хизмати.
Маълумотларга кўра, майнинг фермаси Сирдарё вилоятидаги чорвачиликка ихтисослашган масъулияти чекланган жамият биносида фаолият юритган. Корхона биносида жами 107 та техника аниқланган.
«2022 йилнинг апрель ойидан 2024 йилнинг март ойига қадар МЧЖга қарашли электр ҳисоблагичнинг иккиламчи занжирини вақти-вақти билан узиб, ҳақиқатда оқиб ўтаётган қувватни яшириш орқали ҳисоблагич кўрсаткичини сунъий камайтирган», — дейилади хабарда.
Агарда МЧЖ раҳбарлари томонидан талон-торож қилинган 39,3 млн. кВт электр энергиясидан оқилона фойдаланилганида, вилоятнинг Боёвут, Сардоба, Оқолтин ва Гулистон туманлари аҳолисининг бир ойлик эҳтиёжини қоплаш мумкин эди.
Ҳозирда МЧЖнинг мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят Кодексининг 169-моддаси 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.