Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 27 мартдаги «Тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунига мувофиқ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 197-7-модда (тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш) билан тўлдирилди.
2023 йилда янги модда бўйича 62 нафар шахс айбдор деб топилган, шундан 40 нафари жаримага тортилган, 22 нафарига эса маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов хабар берди.
2024 йилнинг 1-чорагида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 197-7-моддаси билан 25 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, 14 нафарига жарима жазоси, 11 нафарига эса маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди.
Ушбу моддада назарда тутилган жазо фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса — етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда тиббиёт ходимларига ҳужумлар кам учрайдиган ҳодиса эмас. Тез ёрдам ходимлари, шу жумладан, ҳайдовчилар айниқса хавф остида. Қонун лойиҳасидан кўзланган мақсад тиббиёт ходимларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаолиятига аралашишнинг олдини олиш ва касбнинг нуфузини оширишдан иборат.