Президентнинг топшириғига асосан, афғон халқига 169 тоннадан ортиқ зарур озиқ-овқат маҳсулотлари ортилган навбатдаги инсонпарварлик юклари карвони «Айритом» чегара ўтказиш пункти орқали қўшни мамлакатнинг Балх вилоятига етказилди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Инсонпарварлик ёрдами таркибидан 48 тонна ун, 48 тонна буғдой, 15 тонна ўсимлик ёғи, 10 минг 80 дона консерваланган гўшт маҳсулотлари (тушёнка), 22 тонна макарон, 24 тонна шакар ҳамда 100 минг дона тез тайёрланадиган лапша ўрин олган.
Шу муносабат билан Ҳайратон шаҳридаги Astras компанияси ҳудудида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазининг ўринбосари Эркин Ҳамраев ва Афғонистоннинг Балх вилояти губернатори Муҳаммад Юсуф Вафо ҳамда икки томон расмийлари иштирокида инсонпарварлик ёрдамини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда сўз олган Балх вилояти расмийлари президент ва халққа оғир пайтда кўрсатилаётган ёрдам учун миннатдорлик билдирди. Биродар икки халққа фаровонлик тилаб дуолар қилинди.