Бухоро вилояти Ромитан туманида эркак саратон касаллигига чалинган қизи учун ажратилган пулни ўзлаштириб олди, деб хабар бермоқда Болалар омбудсмани матбуот хизмати.
Омбудсманга мурожаат Республика онкология ва гематология марказида даволанаётган қизнинг онасидан келиб тушган. Қизга ўткир лейкоз ташхиси қўйилган.
Унинг маълум қилишича, эркак нафақат қизни даволашдан бош тортиб, уни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватламаган, балки даволаниш учун ажратилган «Саховат ва кўмак» жамғармасининг пулларини ҳам ўзлаштирган.
«У мени ва фарзандимизни доим безовта қилади, бу эса боланинг руҳиятига салбий таъсир қилади», — дейилади хабарда.
Мутахассислар тегишли вазиятни ўрганиб чиқди. Аёл ва қизга ҳимоя буйруғи берилди ва отанинг руҳий зўравонлик ҳаракатларига чек қўйилди.