EastFruit таҳлилчиларининг фикрича, айни дамда Тожикистон улгуржи бозорларида Туркманистондан импорт қилинадиган иссиқхона помидорининг мутлақ устунлиги мавжуд. Ажойиб кўриниш ва замонавий қадоқлаш билан бир қаторда бу помидорлар нарх бўйича ҳам рақобатбардошдир. Яна шуни таъкидлаш жоизки, туркман помидори Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган иссиқхона маҳсулотларини Тожикистон бозоридан бутунлай сиқиб чиқарди ва бу Ўзбекистондаги иссиқхона саноати муаммоларини тасдиқлайди.
Шу билан бирга, жорий мавсумда Тожикистон иссиқхона корхоналарида помидор етиштириш билан боғлиқ муаммоларга қарамай, бу сабзавотларнинг нархи йилнинг шу даври учун рекорд даражада паст.
Бир килограмм учун ўртача улгуржи нарх — 1,46 доллар рекорд даражада паст ва яқин келажакда ушбу маҳсулотлар нархининг янада пасайиши кутилиши мумкин.
Бундан ташқари, ҳозирда истеъмол қилинадиган иссиқхона помидорининг асосий қисмини импорт қилувчи Тожикистонда уларнинг нархи ҳамон бу сабзавотларнинг асосий экспортчиси бўлган Ўзбекистонникидан анча паст.
Шуниси ҳам қизиқки, ҳозирда Марказий Осиё мамлакатларида иссиқхона помидорлари нархи Шарқий Европа мамлакатларидаги нархлардан унчалик паст эмас. Хусусан, маҳсулотининг асосий қисмини Туркиядан импорт қилувчи Молдовада помидорнинг улгуржи нархи ҳозир Ўзбекистонникидан паст, Тожикистондаги нархларга яқин. Шунингдек, Польшадаги нархлар ва Ўзбекистонда иссиқхона помидорлари нархи деярли тенг.
Кўриниб турибдики, энергия тежовчи иссиқхона технологияларини янада ривожлантириш иқлими совуқроқ мамлакатларга ушбу бозорда нисбатан юқори рақобатбардошликни сақлаб қолиш имконини беради. Бироқ бу мамлакатлардаги истеъмолчилар одатда иссиқхона сабзавотларининг янгилиги ва таъми учун кўпроқ пул тўлашга тайёр.