Банк бошқармаларидан бирининг бошлиғи фирибгарлик йўли билан 1,5 млрд сўмни ўзлаштириб, бу маблағга квартира ва автомашина сотиб олган, деб хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати.
Маълумотларга кўра, гумонланувчи кассачиларга моддий ёрдам сифатида Бувайдадаги банк хизматлари марказига 1,5 млрд сўм юбориш зарурлигини айтган. Бироқ у бу пулларни ўзлаштириб, уч хонали квартира ва Malibu русумли автомашинани сотиб олган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 243-моддаси (Жиноятдан олинган даромадларни қонунийлаштириш) билан жиноят иши қўзғатилган.