8 май куни Москвада президент Шавкат Мирзиёев ва Россия етакчиси Владимир Путиннинг учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Томонлар Ўзбекистон–Россия ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, жумладан, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини кўриб чиқди.
Владимир Путин икки давлат ҳукуматлари бир маромда ишлаётгани, товар айирбошлаш ҳажми ошиб бораётганини қайд этди.
«Бу йил беш миллиард сарфлаймиз, ҳар бир вазирга ким нима учун жавоб бериши тайинланган. Бугун мен Россия Бош вазирининг ўринбосари — саноат ва савдо вазири Денис Мантуров билан ҳам учрашдим, унинг тўртта саволи бор эди, уларнинг барчасини тезкорлик билан ҳал қилдик», — деди Шавкат Мирзиёев.
Путин Россия Ўзбекистондан мева ва сабзавотлар кутаётганини таъкидлади.
«Баҳор, ёз келади — ўтган йилгидек Ўзбекистондан мева-сабзавотларни кутамиз. Бу сиз учун ҳам, биз учун ҳам яхши. Бу нархларни пасайтиради ва уларнинг кўтарилишига йўл қўймайди», — деди у.
Владимир Путин Россия Ўзбекистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб беришни кўпайтиришни режалаштираётганини қўшимча қилди.