Венгрияда Ўзбекистондан атом энергетикаси бўйича мутахассисларни тайёрлаш бошланди, деди Венгрия Ташқи ишлар ва савдо вазирлиги раҳбари Петер Сийярто.
У 2030 йилга бориб электр энергиясига бўлган талаб икки баравар ошишини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон атом электр станциясини қуришга тайёрланаётганини таъкидлади.
«Биз венгерлар ҳам шундай қиляпмиз, Паксда иккита янги энергоблок қуришга ҳозирданоқ тайёргарлик кўрилмоқда, атом энергетикаси соҳасида бир неча ўн йиллик тажрибага эга бўлганимиз учун биз Венгрияда ўзбек атом энергетикаси бўйича бўлажак мутахассисларни тайёрлашни аллақачон бошлаганмиз», — деди у.
Европа давлати Ўзбекистонга бўлажак электр станцияси учун совутиш тизимини етказиб беришни режалаштирмоқда.
«Бу 100 миллион доллардан ортиқ шартнома бўлади, бу Венгриядан тарихдаги энг муҳим энергия экспортидан бирига олиб келади», — деди вазир.
Шунингдек, Венгрия томони Ўзбекистон Республикаси билан қўшма инвестиция фонди капиталини 150 млн долларгача оширишни режалаштирмоқда.
«Ўзатом» агентлиги раҳбари Азим Аҳмадхўжаев май ойи бошида Россия билан Ўзбекистонда атом электр станцияси қуриш бўйича музокаралар ҳақида гапирган эди. «Биз айни пайтда фақат музокаралар олиб бормоқдамиз, ҳозирча умумий мавзулар, аниқ гап йўқ», — деб, томонлар ҳамкорликнинг турли йўналишларини муҳокама қилаётганини таъкидлаганди.