Ўзбекистон элчиси Ашраф Хўжаев Қатар Таълим ва олий таълим вазири Бутаина бинт Али Ал-Нуайми билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.
Томонлар Қатар олий ўқув юртларида ўзбекистонлик талабалар учун квота ажратиш ва уларнинг сонини кўпайтириш, икки давлат мактаблари ва олий таълим муассасалари ўртасида алмашинувни йўлга қўйиш, қўшма таълим дастурлари ва илмий лойиҳалар ва тадқиқотларни ташкил этиш масалаларини муҳокама қилди.
Вазир, шунингдек, ўрта мактаб ўқувчилари ўртасида ўзаро алмашинувни йўлга қўйиш ҳамкорлик йўналишларидан бири бўлиши мумкинлигини таъкидлади. Қайд этилишича, Қатар Маданият вазирлиги билан ҳамкорликда ўтган йилнинг апрель ойида бир гуруҳ қатарлик мактаб ёшидаги болалар Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлган. Қатар томони мазкур лойиҳа муваффақиятли амалга оширилганини таъкидлаб, бундай тадбирларни доимий ва ўзаро асосда ташкил этишдан манфаатдор эканлигини билдирди.
Мулоқот чоғида Қатар бугунги кунда долзарб ҳисобланган соҳаларда қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш таклифини ҳам қўллаб-қувватлади.
Музокаралар якунида Ўзбекистон ва Форс кўрфази араб давлатлари ректорлари форумини ўтказиш ташаббусини ўрганиш ва таълим соҳасидаги бошқа қатор лойиҳалар бўйича мулоқотни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.