Жаҳон банки «Ўзбекистон камбағалликка барҳам бериш йўлида: халқаро таққослаш натижалари» мавзусидаги мақолани эълон қилди.
«Ўзбекистонда илгари камбағаллик даражаси бўйича халқаро миқёсда таққосланадиган баҳолар бўлмаган. 2021 йилда Жаҳон банки кўмагида Ўзбекистон ҳукумати қашшоқликни ўлчашнинг янги методологиясини жорий қилди ва 2026 йилгача қашшоқлик даражасини икки баравар камайтириш вазифасини қўйди», — дейилади мақолада.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда 2015 йилдан 2022 йилгача камбағаллик даражаси сезиларли даражада — 36 фоиздан 17 фоизгача пасайган, бу Европа ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидаги пасайиш суръатларидан юқоридир.
Шунингдек, уй хўжаликлари даромадларининг ўсиши қашшоқликни камайтиришга ёрдам берди. 2021-2023 йилларда қишлоқларда 1,2 миллион, шаҳарларда 400 минг киши қашшоқликдан чиқди. Қишлоқ жойларда қашшоқликнинг қисқариши шаҳарларга қараганда тезроқ содир бўлди.
Даромадлар тенгсизлиги даражаси ошиб борди, бунинг натижасида Жини коэффитсиенти 2022 йилдаги 0,31 дан 2023 йилда 0,35 гача кўтарилди. Бу аҳоли ўртасида даромадлар нотекис тақсимланганлигини англатади.
Бу тенгсизликлар туфайли қашшоқлик янада кучайиши мумкинлиги қайд этилган.