17 май куни Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.
Давлат раҳбари Қозоғистон президентини таваллуд куни билан чин юракдан табриклаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва муваффақиятлар, қардош қозоқ халқига тинчлик ва равнақ тилади. Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган катта шахсий ҳиссаси алоҳида қайд этилди.
Икки давлат раҳбарлари Ўзбекистон–Қозоғистон кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтиришга доир долзарб масалаларни кўриб чиқди. Хива шаҳрида бўлиб ўтган амалий учрашувдаги келишувларнинг амалга оширилиши ва бўлажак олий даражадаги тадбирлар режаси муҳокама қилинди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик лойиҳаларининг янги портфелини шакллантириш, бизнес ва ҳудудларни жалб қилган ҳолда саноат, транспорт ва логистика, энергетика, қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги кооперацияни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди. Фаол маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.