Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида 5 туп чинорни кесиб ташлаган фуқароларга нисбатан суд ҳукми чиқарилди. Бу ҳақда пойтахт вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Суд қарорига кўра, 2023 йил 5 декабрь куни фуқаро Ш.И ўзининг тўрт нафар таниши билан бирга 5 та чинорни занжирли арра ва бошқа иш асбоблари ёрдамида кесиб ташлаган. Дарахтлар «Маъруфхон ҳосил барака» фермер хўжалиги даласида жойлашган эди.
Улар дарахтларни бўлакларга бўлиб, «КамАЗ» автомашинасига ортиб, Тошкентнинг «Тахта бозори» бозорида сотмоқчи бўлган вақтида милиция ходимлари томонидан қўлга олинди.
Жиноятчиларнинг қилган ишлари учун уларга суд хукм ўқиди. М.Ш.га Жиноят кодексининг 198-моддаси, 2-қисми билан 2 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Унинг жиноий шерикларига ҳам ЖКнинг тегишли моддаларига асосан озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.