Самарқандда «Баҳодир Ялангтўш» фильми премьераси бўлиб ўтди

O‘zbekiston

Самарқанддаги Регистон майдонида Шердор ва Тиллакори мадрасаларини қургани билан танилган шахс ҳақидаги тарихий-бадиий фильмнинг илк катта премьераси бўлиб ўтди.

Самарқанд шаҳридаги «Мўъжиза» амфитеатрида 25 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан суратга олинган «Баҳодир Ялангтўш» тарихий-бадиий фильмининг илк катта премьераси ўтказилди. Унда Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов, Агентлик директор ўринбосари Шуҳрат Ризаев, режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов бошчилигидаги фильм ижодий гуруҳи, журналист ва блогерлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Дастлаб Агентлик раҳбарияти ва ижодкорлар Оқдарё туманидаги Махдуми Аъзам мажмуасида жойлашган Баҳодир Ялангтўш қабрини зиёрат қилди.

Шундан сўнг Ипак йўли туризм ва маданий меърос халқаро университетида фильм премьерасига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Анжуманда ОАВ вакиллари ва журналистларнинг фильм ҳақидаги саволларига жавоб берилди. Тадбирдан сўнг иштирокчилар фильм премьерасига таклиф қилинди.

Премьерани Самарқанд вилояти ҳокими ва Кинематография агентлиги директори очиб берди. Агентлик раҳбари келгусида бу каби фильмларни яратишда жамоатчилик алоҳида ўринга эга эканлигини таъкидлади.

«Бугун ўзбек киносидаги тарихий кунларнинг бири. «Тирик тарих» дастуридаги фильмларнинг илк намунаси «Баҳодир Ялангтўш» фильми эътиборингизга ҳавола қилинди. Ушбу фильм муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан суратга олинди. Ишонч билан айтиш мумкинки, мазкур тарихий фильмларнинг аксарияти бевосита Самақанд билан боғлиқ. Бугунги кунда Шарқ маданиятининг олтин бешиги бўлган Самарқанд чин маънода йирик кино марказларидан бирига айланмоқда. Шунингдек, яқиндан ҳамкорлик қилгани учун Вилоят ҳокимига ҳамда Самарқанд аҳлига чуқур миннатдорлик билдираман», — деди aгентлик директори.

Вилоят ҳокими ўз нутқида бу муваффақиятли йўлнинг бошланиши эканлигини таъкидлади.

«Бугун яхши ният билан бошланган ишимизнинг натижасини кўрадиган кун. Тарихни халқимизга етказиб беришда фильмнинг ўрни катта. Бошланиши доим қийин бўлади. Ишончим комилки, бундан буёғига турли хил сифатли фильмлар томоша қиламиз. Шу ўринда фильм учун Кинематография агентлиги раҳбариятига, фильм ижодий жамоасига ўзимнинг чексиз миннатдорчилигимни билдираман», — деди Эркинжон Турдимов.

Режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов 3 йил давом этган суратга олиш жараёнлари ва унинг машаққатлари ҳақида сўзлади.

Сўнг Агентлик директори Фирдавс Абдухолиқов Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовга самимий ҳамкорлик учун ташаккурнома топширди. Шундан кейин фильмнинг Самарқанд шаҳридаги кенг жамоатчилик учун намойиши ўтказилди. Фильм қарийб 3,5 мингдан ортиқ томошабинни 2 соат давомида катта қизиқишда ушлаб турди ва илиқ таассурот қолдирди.

Кинокартинада Регистон мажмуаси бунёдкори, Самарқандга ҳокимлик қилган саркарда Баҳодир Ялангтўшнинг ҳаёт йўли ва фаолияти ҳикоя қилинади. Амир Ялангтўш аввало моҳир ҳарбий саркарда эди. У Бухоро хонлигининг икки сулола даврида ҳам барча ҳарбий юришларида иштирок этган, йирик ғалабаларни қўлга киритган.

Премьерадан сўнг томошабинлар фильм ҳақида илиқ фикрларни билдиришди. Аксар киноихлосмандлар Баҳодир Ялангтўш тарихий шахси ҳақида маълумотга эга бўлмаганини, фильм орқали буюк саркарданинг ҳаёт йўли билан яқиндан танишганини айтиб ўтди.

Маълумот учун, 30 май, куни пойтахтдаги Ўзбекистон Миллий кино санъати саройида «Баҳодир Ялангтўш» фильмининг катта премьераси ўтказилиши режалаштирилган.

Mavzuga oid materiallar

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.