Нэшнинг ўлими ҳақида унинг иш берувчиси American Airlines эълон қилди.
«У ўз фаолиятини 1957 йилда бошлаган ва Гиннеснинг рекордлар китобига энг узоқ вақт хизмат қилган стюардесса сифатида киритилган», — дейилади авиакомпания хабарида.
Нэш 21 ёшида American Airlines авиакомпаниясининг ўтмишдоши бўлган Eastern Airlines авиакомпаниясида ўзи яшаган Вашингтон ва Бостон ўртасидаги рейсларда ишлай бошлаган. У ҳар кечани уйда ўтказиши учун бу қисқа йўлни афзал кўрган.
Дастлаб у бир неча йилдан сўнг маршрутни ўзгартирмоқчи эди, лекин охир-оқибат шу йўналишда қолиб кетди ва натижада уни барча учувчилар таниб, қадрлай бошлашди.
«Одамларнинг ҳаммаси бир хил», — деди у 2017 йилда Американинг CBS News телеканалига берган интервьюсида. «Ҳаммага озгина севги керак».
Баъзи Америка оммавий ахборот воситаларининг хабарларига кўра, у 17 май куни ҳосписда вафот этган. Яқинда унга кўкрак бези саратони ташхиси қўйилган.
Бетт Нэш аъзо бўлган Касбий борт кузатувчилари уюшмаси CBSʼга унинг ўлимидан қайғуда эканини билдирди:
«Шундай қийин вазиятда биз унинг оиласи ва дўстлари билан қалбан биргамиз. Бетт ҳамиша тарихимизнинг ажралмас бир қисми бўлиб қолади ва ҳеч қачон унутилмайди».
Бетт Нэш 2022 йилда 86 ёшида дунёдаги энг кекса стюардесса сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига кирганди.