Президент Шавкат Мирзиёев 24 май куни Кончилик ва геология соҳасидаги назорат инспекцияси фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирларини белгиловчи қарорни имзолади, деб ёзмоқда Норма.
Инспекция ходимлари ер қаъридан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш, хавфли объектларда техник тартибга солиш соҳасидаги талабларга риоя этилишини назорат қилади. Шунингдек, идора кончилик, нефть-газ, металлургия ва геология соҳаларига тааллуқли хавфли ишлаб чиқариш объектларини аниқлаш ва давлат реестрини юритиш билан шуғулланади.
Бундан ташқари, инспекция томонидан кончилик, портлатиш ишлари ва портловчи материалларнинг айланиши соҳасидаги ишлар учун лицензия ва рухсатномалар берилади.
Инспекторлар назорат қилинадиган объектларга тўсиқсиз кириш ҳуқуқига эга бўлади. Агар ишлар қоидаларни бузган ҳолда амалга оширилса, улар ишни тўхтатиб қўйиши мумкин. Шунингдек, улар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги талаблар ва стандартларни бузганлик учун ташкилотларнинг мансабдор шахслари ва жисмоний шахсларини маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
Ўзбекистон фуқаролари 1 октябрдан бошлаб кончилик ва геология вазирлиги ахборот тизимига фотосуратлар ва видеолавҳалар юбориш орқали ер қаъридан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатларини қайд этишлари мумкин бўлади. Фото ёки видео юборган шахс пул мукофоти билан тақдирланади (миқдорга аниқлик киритилмаган).
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тақдим этилган фотосуратлар ва видеолар асосида қоидабузарларни қидиради.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 10 май куни қишлоқ хўжалигини иқлим ўзгаришига мослаштириш, ердан самарали фойдаланиш ва соҳани ривожлантириш бўйича таклифлар билан танишганди. Маълум бўлишича, 3 млн гектар яйлов ва қишлоқ хўжалиги ерлари деградацияга учраган, қарийб 2 млн гектар майдон эса турли даражада шўрланган.