Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги криптоактивлар айланмаси соҳасида хизмат кўрсатувчи провайдер сифатида фаолият юритиш учун лицензия олиш зарурати билан боғлиқ мурожаатлар кўпайиб бораётганлиги муносабати билан, қўйидагиларни маълум қилади.
Ўзбекистон Республикасининг «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонуни ҳамда Президентнинг 2018 йил 3 июлдаги ПҚ-3832-сон «Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ва крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолият турларига майнинг ва криптоактивлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлар фаолияти киради.
Ўз навбатида, хизмат кўрсатувчи провайдерлар турлари сифатида «криптобиржа», «майнинг-пул», «криптодепозитарий» ва «криптодўкон» белгиланган.
Хизматлар провайдерлари фақат Ўзбекистон Республикасининг резидентлари — юридик шахслар бўлиши мумкин. Улар жисмоний ёки юридик шахсларга, шу жумладан уларнинг номидан крипто-активларни сотиб олиш, сотиш ва (ёки) айирбошлаш, сақлаш, чиқариш, жойлаштириш ва бошқариш бўйича хизматлар кўрсатади.
Ўзбекистон Республикаси президентининг ПҚ-3832-сон қарори билан 2023 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахслари крипто-активларни сотиб олиш, сотиш ва (ёки) айирбошлаш бўйича операцияларни фақат миллий провайдерлар орқали қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширади.
Миллий хизмат провайдерларининг электрон реестрига ҳавола – https://napp.uz/oz/pages/erlsp.
Миллий провайдерлар орқали крипто-активларни ўз эҳтиёжлари учун харид қиладиган ёки сотаётган жисмоний ёки юридик шахслар учун лицензия ёки бошқа рухсат берувчи ҳужжат талаб қилинмайди.
Агар сиз Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хизмат кўрсатувчи провайдер сифатида фаолият юритиш учун лицензия олмоқчи бўлсангиз, хизмат кўрсатувчи провайдерлар, унда лицензия олиш учун давлат божи миқдори ва хизмат кўрсатувчи провайдерлар учун ойлик тўловлар ҳақидаги маълумотлар кўрсатилган https://napp.uz/oz/pages/service-providers ҳаволасидаги босқичма-босқич инструкция билан танишиб чиқиш сўралган.
Агентлик, шунингдек, харид қилиш объекти сифатида криптоактивларни танлаш ва шунга мос равишда, бу танловнинг оқибатлари харидорнинг шахсий таваккалчилиги эканлигини эслатади.
Шу муносабат билан агентлик фуқароларни огоҳ бўлишга ва криптоактивлар билан боғлиқ фирибгарлик схемалари, «молиявий пирамидалар» ва турли «фирибгарлик лойиҳалари»дан эҳтиёт бўлишга, шунингдек, криптоактивлар билан боғлиқ операцияларни фақат миллий провайдерлар орқали амалга оширишга чақиради.