Ўзбекистон маданияти ва тарихини ҳақорат қилган хориж фуқароларининг мамлакатга кириши тақиқланиши мумкин. Тегишли қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган.
Ҳужжатда давлат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни жорий этиш зарурлиги таъкидланган. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда Қозоғистон, Озарбайжон, Россия, Польша, Беларусь ва Хитой каби давлатлар тажрибаси ҳисобга олинди.
Қонун лойиҳасида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон ҳудудида бўлиши номақбул деб топиш асослари ва тартиби белгиланди.
Ушбу чора қуйидаги тоифадаги шахсларга таъсир қилиши мумкин:
Ўзбекистоннинг давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигига қарши чиққан хорижликлар;
давлатлараро, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни қўзғатувчи чет элликлар;
Ўзбекистон халқининг шаъни, қадр-қиммати ёки тарихини камситувчи хорижликлар.
Чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг мамлакатда бўлиши исталмаган деб топилган шахсларга беш йил муддатга қуйидагилар тақиқланади:
Ўзбекистонга кириш;
банк ҳисобварақларини очиш;
кўчмас мулк сотиб олиш;
давлат мулкини хусусийлаштиришда иштирок этиш;
молиявий ва шартномавий муносабатларга киришиш.
Бундан ташқари, мамлакатда бўлиши номақбул деб топилган хорижликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон ҳудудида яшаш ёки бўлиш ҳуқуқидан маҳрум этилади.
Депортация қилинган тақдирда, фуқаролар тегишли билдиришнома олинган кундан бошлаб 10 кун ичида Ўзбекистонни ихтиёрий равишда тарк этишлари шарт. Акс ҳолда, мажбурий депортация содир бўлади.