Тошкентда 26 июнь куни Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида «Глобал асос – эрта ҳаракатни қўллаб-қувватлаш» қўшма лойиҳаси доирасида тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Экология вазирлиги, БМТТД, Глобал экологик фонд (ГЭФ), Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи (IUCN), нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, олимлар, мутахассислар иштирок этди. Унда Ўзбекистоннинг Кунминг-Монреал глобал биохилма-хиллик дастурига мувофиқ биологик хилма-хилликни сақлаш бўйича янги миллий мақсадлари муҳокама қилинди.
«Ўзбекистонда биохилма-хилликни сақлаш бўйича 2030 йилгача мақсадлар белгилаб олинган. Хусусан, аҳоли яшаш ҳудудларидаги шароитларни янада яхшилаш, биохилма-хилликни асраб қолиш ва яшаш жойларининг 30 фоизини яшил ҳудудга айлантириш мақсад қилинган. Шунингдек, Экология вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган мақсадлардан яна бири ўсимлик ва ҳайвонот дунёсидан оқилона фойдаланиш, табиий ресурслардан ноқонуний фойдаланишга чек қўйишни кучайтиришдир. Қолаверса, доривор ўсимликлардан фойдаланиш бўйича йилига 25 минг гектар маданий плантациялар ташкил қилиш ва ҳайвонот дунёси бўйича Тошкент, Термиз, Фарғона давлат ҳайвонот боғлари қошида ёввойи ҳайвонларни реабилитация қилиш марказларини ташкил этиш каби таклифлар тайёрланган», — деди Экология вазирлиги бўлим бошлиғи Абдурашид Содиқов.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг биологик хилма-хилликни сақлаш бўйича янги миллий мақсадлари 2024 йил октабр ойида Колумбияда бўлиб ўтадиган Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги конвенция иштирокчиларининг 16-конференциясида жаҳон ҳамжамиятига тақдим этилиши режалаштирилган.
Тадбирда янгиланган мақсадлар бўйича фикр-мулоҳазалар, таклифлар билдирилди. Бундан ташқари, БМТТД, ГEФ ва Экология вазирлигининг «Глобал биохилма-хиллик дастури – эрта ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш» қўшма лойиҳаси 2030 йилгача бутун дунё бўйлаб табиатни муҳофаза қилиш учун амалга оширилиши керак бўлган аниқ ҳаракатларни белгилаб бериши таъкидланди. Ўзбекистон ушбу лойиҳа дастурига қўшилиш орқали уни мамлакатимизда амалга ошириш мажбуриятини олди.
«Дастурда 2030 йилгача амалга оширилиши керак бўлган 23 та мақсад бор. Шунингдек, 2050 йилга бориб эришиш режа қилинган яна тўртта глобал мақсад мавжуд ва энг муҳим натижа — 2050 йилгача дунё табиат билан уйғунликда яшаши керак. Бугунги тадбирда ана шу мақсадлар муҳокама қилинди. Умид қиламизки, лойиҳа доирасида тайёрланган мақсадлар бўйича фикр-мулоҳазалар, тавсиялар, қўшимчалар, шарҳлар билдирилади ва бу мақсадларимизни янада такомиллаштиришга хизмат қилади», — деди лойиҳа раҳбари Сергей Загребин
Лойиҳа 2023 йил февраль ойида бошланган. 2023 йил октабр ойида лойиҳа доирасида Глобал биохилма-хилликни сақлаш дастурининг амалдаги Стратегияси ва Ҳаракатлар режасига мувофиқлиги масалалари муҳокама қилинди ва янги мақсадларни аниқлаб олиш зарурлиги белгилаб олинди.