Ўзбекистон жануби қишлоқ хўжалиги учун яроқсиз ҳолга келади — БМТ

O‘zbekiston

БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси раҳбари ўринбосари Чокан Лаумулин Қозоғистон ва Ўзбекистон жануби қишлоқ хўжалиги учун яроқсиз бўлиб қолиши ва бу одамларнинг оммавий миграциясига олиб келиши мумкинлигини айтди. Унинг таъкидлашича, «10 йил ичида иқлим ўзгаришидан муҳимроқ масала бўлмайди».

БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси раҳбари ўринбосари Чокан Лаумулинга кўра, Қозоғистон жануби ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги учун яроқсиз бўлиб қолиши мумкин. Бу эса ушбу ҳудудлардан аҳолининг оммавий миграциясига олиб келиши мумкин. Бу сўзлар BES.Media томонидан келтирилган.

Чокан Лаумулин яқин орада бу ҳудудларда ўртача йиллик ҳаво ҳарорати +43 даражага етишига ишончи комил. Эслатиб ўтамиз, Ўзгидрометнинг хабар беришича, 27 июнь куни республика бўйича ўртача кунлик ҳаво ҳарорати +37...+44° гача кўтарилган.

«Қозоғистон жануби ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги учун яроқсиз ҳудудларга айланади. <...> Қишлоқ хўжалиги бўлмайди. Одамларнинг улкан глобал миграциялари бўлади, урушлар бўлади. Менинг сўзларимга эътибор беринг, 10 йилдан кейин иқлим ўзгаришидан муҳимроқ муҳокама кун тартиби бўлмайди», — деди Лаумулин.

Мутахассис апрель ойида Ҳиндистонда кучли жазирама кузатилганини, ҳаво ҳарорати +62 даражага етганини эслатди. Бу 120 миллион кишига таъсир қилди.

«Юз минглаб одамлар ҳалок бўлди, лекин бирорта ҳам ОАВ бу ҳақда хабар бермади. Ҳозир Ҳиндистонда иссиқлик тўлқини бундай миқёсда бўлмасада, давом этмоқда. Мисол учун, ҳозир ҳарорат 52 даража. Шундай экан, илм-фан ва янги технологияларни ривожлантиришга эътибор қаратишимиз керак. Биз фақат мавжуд технологиялар ёрдамида муаммоларни ҳал қила олмаймиз. Бу ҳақиқат», — деди у.

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.