Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Ахборот хизматининг хабарига кўра, жорий йилнинг 5 июль куни 21-сонли ахлоқ тузатиш колониясида маҳкумларнинг қонун ҳужжатларига риоя қилган ҳолда яшашга лаёқатлилигини аниқлаш мезонларига бағишланган комиссия йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1021-моддасига мувофиқ комиссия таркибига жамоатчилик вакиллари, яъни маҳаллий Кенгашлар депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман)нинг ҳудудий вакиллари киради. Бундан ташқари, ўз-ўзини бошқариш органлари ҳамда аҳоли орасида ҳаётий тажриба ва обрўга эга бўлган жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашди.
Йиғилишда 1159 нафар судланган хотин-қизлар тиббий кўрикдан ўтказилиб, 998 нафар маҳкум қонун доирасида ўз ҳаётини давом эттириши мумкинлиги аниқланди.
Уларнинг меҳнатга виждонан муносабати, белгиланган меҳнат меъёрларига риоя этиши, таълим ва касб-ҳунар ўрганишга қизиқиши, ахлоқ тузатиш муассасаларида ташкил этилаётган маданий-маърифий тадбирларда иштирок этишига алоҳида эътибор қаратилди.
Маҳкумларнинг муассасада белгиланган ички тартиб қоидаларига риоя этиши каби мезонлар ҳам инобатга олинди.
Аввалроқ AlterEgo лойиҳаси муаллифи Кирилл Алтман аёллар колониясининг собиқ маҳбуси билан янги видео интервюни эълон қилган эди. Аёл Гулнора Каримованинг қамоқда сақлаш шароитлари ва қандай имтиёзларга эга экани ҳақида гапирган.