Ўтган якшанба куни момақалдироқ туфайли бир неча самолёт Тошкент аэропортига қўна олмай, муқобил аэродромларга жўнатилди. Узбекистан Аирпортс мутахассислари нима сабабдан бундай йўл тутилишини тушунтирди.
Момақалдироқлар бир неча сабабларга кўра самолётлар учун хавфли бўлиши мумкин. Бу юқори баландликларда кучли турбулентлик, сезиларли даражада ортиқча юклар ва музлашни келтириб чиқаради. Самолёт чақмоқ уриши ёки кучли ёмғирга дуч келиши мумкин.
Чақмоқ радио ва электр жиҳозларига жуда катта таъсир кўрсатади. Қувватнинг ҳаддан ташқари кўпайиб кетиши навигация қурилмалари, радио дисплейларга зарар етказиши мумкин ёки электр жиҳозларида туташишни келтириб чиқариши мумкин. Аммо замонавий самолётлар бундан жуда яхши ҳимояланган. Электрлаштиришни камайтириш учун самолётдан электр токини чиқариб юборадиган статик зарядсизлантирувчи қурилмалар мавжуд.
Бундан ташқари, ҳар қандай тизим ишламай қолганда унинг дубликати ишга тушади. Самолёт салони ва кабинаси махсус материал билан ҳимояланган, корпус ташқарисидан ичига электр токи ўтмайди. Шу сабабли, ташқаридан кучли ёруғликни кўриш ёки қаттиқ товушни эшитиш мумкин бўлсада чақмоқ уриши оқибатида йўловчилар ва экипаж аъзоларига ҳеч қандай зарар етмайди.
Авиация мутахассислари ҳар олти ойда куз-қиш ва баҳор-ёз мавсумларида янги техниканинг ишлаш хусусиятларини ўрганадилар. Момақалдироқ пайтида асосий хавф кучли турбулентликдир. Бу фавқулодда ҳолат эмас, балки йўловчилар орасида ваҳима қўзғатиши мумкин бўлган нохуш ҳолат. Бироқ турбулентлик туфайли самолётнинг қулаши эҳтимоли паст.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудида парвоз қилиш қоидаларига кўра, парвоз йўналиши бўйлаб хавфли метеорологик ҳудудлар бўлса ҳаво кемаси командири бу ҳақда диспетчерга хабар бериши ва уларни четлаб ўтиш учун барча чораларни кўриши шарт. Агар уларни четлаб ўтишнинг иложи бўлмаса, ҳаво кемаси командири жўнаш аэродромига қайтиши ёки энг яқин муқобил аэродромга қўниши зарур.