Тошкентда кибержиноятчилар банк карталаридан 370 миллиард сўмни ўғирламоқчи бўлди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, аввал банкда ишлаган 33 ёшли эркак банкда ишлаган бошқа бир 22 ёшли танишидан 6,5 минг долларга ҳисоб рақамларига кириш кодлари ва дастурий таъминотни олган.
Шундан сўнг у илгари фирибгарлик учун уч марта судланган Наманган вилоятида яшовчи 51 ёшли фуқаро ва Тошкент вилоятида яшовчи 35 ёшли фуқаро билан ўзаро жиноий тил бириктирган. Улар банк ҳисоб рақамлари ва пластик карточкаларидан жами 370 миллиард сўм (30 миллион долларга яқин) ўғирлаш режасини ишлаб чиқиб, бу пулларни офшор зоналар орқали хорижга ўтказишни режалаштирган.
Бироқ улар 198 миллиард сўмни хорижий ҳисоб рақамларига ўтказиш учун хорижий валютага ўтказмоқчи бўлган вақтида қўлга олинди. Режани амалга оширгач, гумонланувчилар жиноят хорижлик хакерлар томонидан содир этилгани ҳақида маълумот тарқатишни режалаштирган.
Юқоридаги шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-модданинг (ўта йирик ҳажмдаги ўғирлик) 4-қисми “а” банди ва 25-моддаси (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчилар қамоққа олинган.