Яна бир автосалон одамларни алдаётган бўлиши мумкин. Kun.uz’га бир неча фуқаролар мурожаат қилиб, автосалонга пул тўлаб, машина ололмаётганини маълум қилди.
Мурожаатда айтилишича, Тошкент шаҳридаги «Allianse Motors» МЧЖ мижозлар билан шартнома тузиб, автомашиналарни ўз вақтида етказиб бермаган. Сотиб олинган ва харидорга берилган автомашиналарнинг ҳужжатлари берилмагани учун бир неча киши бюрократик қоғозбозлик қурбони бўлган.
Аризачига кўра, 2024-йил 19 май куни «Allianse Motors» МЧЖ билан «BYD» русумли автомашина сотиб олиш бўйича шартнома тузиб, автосалонга 63 900 000 сўм, 20 май куни эса 178 500 000 сўм тўлаган.
«Менга ўзини автосалон директориман деб таништирган Давлат Нарзиев машинани 15 кун ичида етказиб беришни ваъда қилди. Бу даврдан кейин мен машинамни талаб қила бошладим, лекин у узоқ вақт давомида ‘мени нонушта билан таомлантириб келмоқда’ (алдамоқда — таҳр.). Ниҳоят, 2024 йил 29 июнь куни машинам етиб келганини, шартнома бўйича қолган пулни тўлашим кераклигини айтди. Мен автосалонга бориб, қолган пулни тўладим. Эртаси куни машинани эвакуаторда уйимга олиб келишди. Лекин шу кунгача менга бунинг учун ҳужжатлар тақдим этилмаган», — дейди Асилбек Бобойоров.
Мурожаатда, шунингдек, «Allianse Motors» МЧЖ мансабдор шахслари автомашиналарни шартномага кўра ўз вақтида етказиб бермай, автомашиналар ҳақини тўлаган бир неча ўнлаб фуқароларни алдагани қайд этилган.
Статистика агентлигининг очиқ маълумотларига кўра, 2021 йил декабрь ойида давлат рўйхатидан ўтган «Allianse Motors» МЧЖ Давлатбек Нарзиевга тегишли.