Бутунжаҳон табиат фонди (WWF) ва Қозоғистон Экология ва табиий ресурслар вазирлиги ўртасида йўлбарсларни реинтродукция қилиш (ёввойи ҳайвонларни улар илгари яшаган ҳудудга кўчириш) дастурини амалга ошириш бўйича меморандум имзоланди.
Қозоғистон Экология ва табиий ресурслар вазирлиги маълумотларига кўра, ушбу меморандум муваффақиятли ва самарали ҳамкорликнинг давоми бўлиб, бу орқали Иле-Балхаш қўриқхонасининг биохилма-хиллиги ва инфратузилмасини тиклашда сезиларли натижага эришилади.
«Йўлбарсларнинг Қозоғистонга қайтиши нафақат экологик муҳим лойиҳа, балки табиий меросимизни тиклаш борасидаги саъй-ҳаракатларимизнинг рамзидир. Бу ташаббус кўплаб ташкилотлар ва экспертларнинг самарали ҳамкорлиги туфайли амалга оширилди», — дейилади Экология ва табиий ресурслар вазирлиги хабарида.
Йўлбарсларни реинтродукция қилиш дастури Қозоғистонда йўқ бўлиб кетган йиртқичнинг популяциясини тиклашга қаратилган бўлиб, бу экотизимнинг муҳим иштирокчисини қайтаришга ёрдам беради ва минтақадаги биохилма-хилликни сақлашга ҳисса қўшади.